Президент топшириқлари бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилди

15.07.2022, 19:22

Қозоғистонда шакар соҳасини ривожлантириш бўйича мажмуавий режа ишлаб чиқилади. Қозоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Ербўл Қарашўкеев ҳукумат йиғилишида маълум қилишича, ҳужжатда қатор аниқ чора-тадбирлар кўзда тутилган. Улар орасида қанд лавлаги майдонларини кенгайтириш, суғоришда тежамкор технологияларни жорий этиш,  уруғчиликни ривожлантириш, шунингдек, қанд заводлари қуриш ва уларни модернизациялаш кўзда тутилган.  Вазир импорт ўрнини босувчи бошқа товарлар муаммосига ҳам эътибор қаратди.

Ербўл Қарашўкеев, Қозоғистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири:

- Умуман олганда, 2022 йилда агросаноат мажмуасини ривожлантиришга қаратилган 295 миллиард тенге қийматга эга 237 та инвестициявий лойиҳа рўёбга чиқарилади, 128,5 миллиард тенге қийматга эга 81 таси 6 та импорт йўналишидаги маҳсулотлар ўрнини босиши учун ишлатилади. Мазкур лойиҳаларни имтиёзли кредитлаш, субсидиялаш, ер ва инфратузилмалар билан таъминлаш кўзда тутилган.

Асосий товарлар балансини шакллантириш учун ягона ахборот тизими шакллантирилади. Савдо ва интеграция вазири Бахит Султанов Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан бирга ушбу йўналишда иш олиб борилаётганини айтди. У озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича ишларни шахсан назоратига олади.

Бахит Султанов, Қозоғистон Республикаси савдо ва интеграция вазири:

- Ички бозорни тўлдириш мақсадида ишлаб чиқарувчилар томонидан олинган ўзаро мажбуриятларни мустаҳкамлаш чоралари ва соҳани субсидиялашга ёндашувлар қайта кўриб чиқилиши кўзда тутилган. Аниқ ва сермаҳсул ишлаб чиқарувчиларни тайёрлашга эътибор қаратилади.

Ҳукумат йиғилиши якунида Бош вазир Алихан Смаилов давлат органлари, ҳокимликлар ва квазидавлат сектори фаоллик кўрсатиши зарурлигини таъкидлади. Энг муҳими, ҳамкорлик ва ҳар бир муаммони биргаликда жиддий ўрганиш лозим.

 

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.