Инновациявий грантлар учун танлов бошланади

28.07.2022, 15:26

Қозоғистонда 1 августдан инновациявий грантлар танлови учун аризалар қабули бошланади. Унда маҳсулоти асосий критерийларга мос кела оладиган кичик бизнес вакиллари қатнашиши мумкин. Бу – янгилик, кўламдорлик ва экспорт мўлжали. Бу ҳақда «QazInnovations» Миллий агентлиги вакили Данияр Бектенов маълум қилди. У айтганидек, танлов шартли равишда икки босқичга ажратилган. Биринчи босқичда грант соҳибига 20 миллион тенгегача бўлган маблағ тақдим этилади.

Данияр Бектенов, «Qazinnovations» инновацияларни ривожлантириш миллий агентлиги” аж истиқболли тараққиёт  маркази директори:

- 2 та босқич мавжуд, ўзаро фарқи шундаки, биринчисида маҳсулот ишлаб чиқариш охирига етказилади, иккинчисида эса тўлалигича бозорга чиқарилади. Асосий бешта шарти бор: кичик тадбиркорлик субъекти бўлиши керак, маъқулланган тақдирда 10 фоизини биргаликда молиялаштиришга тайёр бўлиши лозим. MVP га, яъни ўз маҳсулотининг прототипига эга бўлиши зарур, 5 кишидан кўп бўлмаган жамоаси ҳамда  акселерация сертификати бўлиши даркор.

Танловда қатнашиш учун онлайн-аризалар сентябрь ўрталарига қадар юборилиши керак. Қозоғистонда рўйхатга олинган ҳар қандай юридик шахс грант олиши мумкин. Асосийси – унинг маҳсулоти, жараён ёки хизмат «ноу-хау» тушунчасига тўла мос келиши лозим.

Данияр Бектенов, «Qazinnovations» инновацияларни ривожлантириш миллий агентлиги” аж истиқболли тараққиёт  маркази директори:

- Қозоғистонда ишлаб чиқарилмаётган ёки янгилик бўлган ҳамма нарса инновация ҳисобланади. Яъни инновациялар турлича бўлади, маҳсулотга оид, жараёнга оид. Ёки шунчаки янгича  бизнес-модель яратиш мумкин, яъни бизнесга бошқа томондан ёндашиш, айтайлик, Қозоғистонда ҳеч ким қўлламаган усулда. Ё бўлмаса, бирорта бошқача, бозоримиз учун янги, аввал йўқ бўлган маҳсулот ишлаб чиқиш мумкин. Бу, дейлик, хорижий маҳсулотлар импорти ўрнини босиши мумкин.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.