Миллий жамғармадан 4,5 триллион тенге сарфланди

20.06.2022, 19:39

Ўтган йили Миллий жамғармадан олинган маблағ унга тушган суммадан кўпроқни ташкил қилди. Парламент палаталари қўшма йиғилишида Республика бюджети ижроси назорати бўйича ҳисоб қўмитаси раиси Наталья Годунова таъкидлагани каби, Миллий жамғарма молиявий захира тўплаш ва бюджет жаҳон хомашё бозорларидаги вазиятга боғлиқ бўлиб қолмаслиги учун тузилган.

Наталья Годунова, Республика бюджети ижроси назорати бўйича  ҳисоб қўмитаси раиси:

- 2015 йилдан Миллий жамғармадан фаол фойдаланилмоқда. 2019-2020 йиллар ҳақида гапириш шарт эмас, пандемияга боғлиқ бўҳронга қарши тадбирлар молиялаштирилди. 2021 йилда вазият анча яхшиланди. Республика бюджети Миллий жамғарма маблағини сарфлашга асосланмаслиги зарурлиги тўғрисидаги Давлат раҳбари топшириғига қарамай, 2021 йилда эса 4,5 триллион тенге харажат қилинди. Жамғармага эса атиги 4,3 триллион тенге тушди.

Ҳисоб қўмитаси раҳбари ҳукумат аъзолари ва депутатларга бюджетни режалаштириш муддатини уч йилдан бир йилга қисқартириш таклифи билан мурожаат этди. Наталья Годунова таъкидлашича, айни вақтда қарорлар узвийлигини таъминлаш, бизнес ва инвесторлар олдидаги масъулият бажарилишини кафолатлаш зарур. 

Наталья Годунова, Республика бюджети ижроси назорати бўйича  ҳисоб қўмитаси раиси:

- Уч йиллик бюджет шунчаки расмиятлигича қолди. Уни шакллантириш учун ҳаддан ташқари кўп вақт сарфланяпти. Ижро давомида биринчи база йили бюджети аниқланади. Кейинги йилларга эса қараб ўтирмаймиз. Кейинги даврни режалаштираётганимизда аввалгиларидан баъзилари қолиб кетиши ҳам мумкин. Натижада, молиялаш таъминланмагани учун тугатилмаган объектлар пайдо бўлади. Эндиликда бир йиллик бюджетни режалаштириш масаласини кўтариш вақти келди. 

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.