Такламакон орқали темирйўл линияси ишга тушди

17.06.2022, 11:29

Хитой улкан Такламакон чўли атрофини айланиб ўтувчи ҳалқали темирйўл линиясининг сўнгги участкасини ишга туширди. У Синьцзян-Уйғур мухтор туманидан, мамлакатнинг шимолий-ғарбий қисмидан ўтади. Линия узунлиги 825 километр. Поездлар унда 120 километр/соат тезликда ҳаракатлана олади. Ушбу йўлда 22 та станция мавжуд, улардан 11 таси йўловчиларга хизмат кўрсатади. Ушбу масофани босиб ўтиш учун атиги 11 соат вақт талаб қилинади. Эслатамиз, темирйўл қурилиши табиий ландшафт мураккаб бўлгани учун уч ярим йил вақт олди. Аввалроқ йўлларни чанг бўронидан сақлаш учун бешта кўприк қурилганди. Бундан ташқари, қум кўтарилишининг олдини олиш мақсадида 13 миллион туп бута ва дарахт ўтқазилди. Раҳбарият таъкидлашича, темирйўл линияси очилиши вагонлар саҳрони четлаб ўтиши учун имконият яратади. Бу эса пахта, ёнғоқ, хурма ва минераллар каби Синьцзян товарлари логистикасини енгиллаштиради.

Ван Цзиньчжун, Синьцзян Темир йўли партия қўмитаси котиби:

- Лойиҳа жуда мураккаб эди. Ишчилар тез-тез қум бўронлари билан тўқнашди. Йўлнинг 65 фоизи чўл орқали ўтади. Темирйўл узилишларсиз ишлаши учун йўлга қум тушмаслиги лозим. Чунки қаттиқ заррачалар поездлар ҳаракатига хавф туғдиради, фалокат эҳтимолини келтириб чиқаради.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.