Қозоғистон криптобиржаси банкларда ҳисоб очади

16.06.2022, 18:16

«Астана» халқаро молиявий маркази ва иккинчи даражали банклар Қозоғистонда криптосаноат ҳамда блокчейн-технологияларни ривожлантириш бўйича иш олиб боряпти. Рақамли тараққиёт, инновация ва аэрокосмик саноат вазирлиги маълум қилишича, молиявий ташкилотлар бир йил давомида иш юритувчи пилот лойиҳани ишга туширади. У минтақавий крипто-хаб сифатида мамлакат салоҳиятини ривожлантиришда асосий таянч вазифасини бажаради. Режа муваффақиятли рўёбга чиқарилган тақдирда миллий қонунчиликка ҳамда молиявий марказ ҳужжатларига ўзгартишлар киритилади. Шу билан бирга, Қозоғистонда рақамлаштирилган активлар савдоси маълум даражада тартибга келтирилган майдонда амалга оширилади. Натижада, чакана ва профессионал инвесторлар ҳуқуқлари етарлича ҳимоя қилиниши таъминланади.

«Биз криптобиржадан даромад олишимиз керак, бу молиявий технологиялар тараққиётининг келгуси босқичи. Тўлақонли экотизим яратиш зарур, шунда Қозоғистон электр энергияси ҳисобига чиқарилган рақамлаштирилган активлар имкон қадар маҳаллий криптобиржаларда сотилиши, даромад давлат ичида қолиши зарур. Зеро, бизда «Астана» халқаро молиявий маркази бор», дея баёнот берди вазир Бағдат Мусин.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.