Хорижга экспорт қилинаётган шифобахш гиёҳларга чеклов қўйилиши мумкин

15.06.2022, 17:56

Қозоғистондаги доривор гиёҳлар хомашё захиралари тугаб бормоқда. Уларни ваҳшийларча тўплаш бунга сабаб бўляпти. Ташқи бозорларда уларга эҳтиёж ортиши ўсимликлар тобора кўпроқ тўпланишига олиб келяпти. Мажилис йиғилишида Қозоғистон Республикаси Экология, геология ва табиий захиралар вазири Серикқали Брекешев янги қонун лойиҳаси тақдим этди. Вазирлик берган маълумотга кўра, мамлакатда 6 минг турдан зиёд дарахтлар, буталар ва ўт-ўланлар ўсади. Уларнинг бир ярим минг тури – шифобахш хусусиятларга эга, 14 таси экспорт қилинади. Қозоғистон гиёҳлари энг кўп АҚШ, Туркия ва Хитойга юборилади. Сўнгги уч йил ичида Хитойга 33 минг тоннадан зиёд қизилмия юборилди, бу эса унинг қайта тикланишига монелик қилиши мумкин. Бу – фақат расмий рақамлар. Қонун лойиҳаси тўпланган шифобахш ўсимликлар ҳажмини назорат қилиш ва чеклашни кўзда тутади. Ҳужжат биринчи ўқишда қабул қилинди.

Мади Нурпеисов, Қозоғистон Республикаси экология, геология ва табиий захиралар вазирлиги ўрмон хўжалиги ва ҳайвонот дунёси Қўмитаси Бошқарма Бошлиғи:

- Қонун лойиҳасиан мақсад – мамлакат ҳудудида мавжуд ўсимликлар миқдорини ҳисобга олиш, уларни ҳимоя қилиш, сақлаб қолиш меъёрларини киритишдан иборат. Тадқиқотлар ўтказилади. Шунга кўра, тўплаш мумкин бўлган ҳажми белгиланади. Йиғиш мумкин бўлган ҳудудлар аниқланади. Қонун лойиҳаси ҳам иқтисодий, ҳам экологик самарадорликни кўзда тутади.

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.