Йил бошидан буён Қозоғистон иқтисодиёти 4,6 фоизга ўсди

14.06.2022, 15:22

Қозоғистон иқтисодиёти ижобий динамика кўрсатяпти. Янги йил бошидан буён 4,6 фоизлик ўсиш кузатилди. Бўлиб ўтган Ҳукумат йиғилишида Миллий иқтисодиёт вазири Алибек Қуантиров маълум қилишича, савдо, қурилиш, транспорт ва омборчилик, ахборот ва алоқа, қайта ишлаш саноати, сув таъминоти, қишлоқ хўжалиги ва бошқа йўналишларда энг юқори ижобий кўрсаткичлар кузатилди. Минтақаларга келсак, Чимкент, Алмати шаҳарлари ҳамда Ақмўла вилоятлари пешқадам.

Алибек Қуантиров, Қозоғистон Республикаси миллий иқтисодиёт вазири:

- Ҳисоб берилаётган давр мобайнида энг юксак динамика реал секторда кузатилди. Хизмат кўрсатишда ҳам суръатлар тобора ортиб бормоқда. Экспорт ҳажми анча ошди. Реал секторда ўсиш 4,8 фоиз. Хизматлар соҳасида тадбиркорлар фаоллиги 3,9 фоизга кўтарилди

Алихан Смаилов инфляцияни тизгинлашни талаб қилди

Ҳукумат ишидаги ижобий ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда, Бош вазир Алихан Смаилов масъул вазирликлар ва ҳокимликларга ўсиш суръатларини пасайтирмасликни топширди. Бунинг учун иқтисодиётни диверсификациялаш, инвестициялар жалб этиш, янги иш ўринлари яратиш бўйича ишларни сусайтирмаслик лозим. Шунингдек, инфляция суръатини пасайтириш учун тегишли чора-тадбирлар кўриш керак.

Алихан Смаилов, Қозоғистон Республикаси бош вазири:

- Май ойи якунларига кўра мамлакатда йиллик инфляция 14 фоизни ташкил қилди. Лекин озиқ овқат маҳсулотларида инфляция кўрсаткичи  19 фоизга етди. Инфляция жадаллашишига олиб келган факторлардан бири – жаҳон бозорида нархларнинг кўтарилиб кетиши. Давлат органлари раҳбарлари ва ҳокимлар инфляцияни тизгинлаш бўйича тегишли чоралар кўриши шарт.

 

 

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.