Қозоғистон қанд лавлаги майдонини кенгайтириш таклиф этилди

14.06.2022, 11:18

Қозоғистонда шакар баҳоси рекорд даражага чиқди. Мамлакат минтақаларида бир килограммининг нархи 800 тенгега етаяпти. Экспертлар фикрича, йил охирига бориб бу кўрсаткич 1000 тенгегача етиши мумкин. Бу товар баҳосиаги беқарорликнинг асосий сабаби – логистик йўналишлардаги узилишлар, Россиядан маҳсулот келиши тўхтаб қолиши ҳамда хомашёнинг қимматлашиши. Уларни ҳал этиш учун анча кўп вақт керак бўлиши мумкин, дейди экспертлар. Муҳим маҳсулот тақчил бўлган бир замонда жорий йилда қанд лавлати жуда кам экилган, атиги 12 минг тонна ҳосил олиниши кутиляпти. 

Ербўл Есенеев, «Атамекен» миллий тадбиркорлар палатаси агросаноат мажмуаси ва озиқ-овқат саноати департаменти директори:

- Бу маҳсулотни етиштириш масаласида фермерларнинг жиддий муаммолари бор. Уларнинг ичида энг оғири сув билан боғлиқ, чунки лавлаги сувни яхши кўради. Экин суғориш вақтида ҳамиша “оби-ҳаёт” тақчиллиги кузатилади. Бизда уруғликнинг 90 фоизи хориждан келтирилади. Шу кунгача қанд лавлаги селекциясини бошламаганмиз. Деҳқонларни зарур технологиялар билан таъминлай олмадик, кўп ҳолларда шунчаки ариқлар орқали суғораяпмиз. Жуда оддий усул. Мазкур соҳага етарлича жиддий инвестициялар керак. 

"Атамекен" келгуси 5 йилга мўлжалланган соҳани ривожлантириш дастурини ишлаб чиқишни таклиф қилди, унда мамлакатда қанд лавлаги майдонларини кенгайтирилиши ҳамда заводлар тўла куч билан ишлай бошлаши кўзда тутилади. Бунинг учун Алмати, Жамбил ва Туркистон вилоятлари миришкорлари 104 минг гектар ерга ишлов бериши зарур.

 

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.