Қозоғистон ун ва дон экспортини чеклаши мумкин

07.06.2022, 19:26

Қозоғистон мамлакатдан дон ва ун олиб чиқиб кетиш тақиқини сентябргача узайтириши мумкин. Қозоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Ербўл Қарашўкеев таъкидлашича, бу маҳсулотлар экспорт квотаси 15 июнгача тегишлича 1 миллион ва 300 минг тонна этиб белгиланган. Мазкур чеклов кузгача давом эттирилиши эҳтимоли катта.

Ербўл Қарашўкеев, Қозоғистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири:

- Квота узайтирилади, 15 июнда унинг муддати тугайди, квотада 1 миллион тонна дон кўрсатилганди, ўтган вақт ичида шундан 40 фоизи олинди, ундан – 70 фоизи экспорт қилинган. Ҳозир вазиятни таҳлил қиляпмиз. 

Вазирнинг маълум қилишича, ун ва дондан бошқа қатор маҳсулот турларига ҳам чеклов қўйилган. 

Ербўл Қарашўкеев, Қозоғистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири:

- Бугунги кунда гўшт олиб кетиш тақиқланган, ўсимлик ёғига, картошкага квота қўйилган, 360 минг тоннага яқин шакар хомашёсини ёки шакарни бож тўловисиз олиб кириш учун квота белгиланган, шундан 250 минг тоннаси тақсимланган. Биринчи марта тақсимлаганимизда 125 минг тонна шакарни ҳисобга олганмиз. У қанд заводлари, шакар ишлаб чиқарувчилар ўртасида тақсимланди. Яқинда иккинчи марта бу ишлар амалга оширилди. Яна 120 минг тонна маҳсулот учун квота тақсимланди, унга шакар олиб келаётган трейдерлар ҳам кирди.

Вазирлик прогнозига кўра, жорий йилда Қозоғистонда 13-13,5 миллион тонна дон ҳосили олиниши кутиляпти. Ўтган йилдагидан 15 фоиз кўп бўлиши тахминланган. Экин-тикин ишлари айни вақтида амалга оширилди. Заминда намликни сақлаб қолиш ишлари ҳам маромида бажарилди. Июнь ойи прогнозлари ҳам маромида, дея таъкидлади вазир. 

 

Абдумалик Сарманов таржимаси.