Қозоғистон ҳалол стандарти бўйича минтақа хабига айланяпти

27.05.2022, 17:22

Қозоғистон ҳалол маҳсулотлар минтақавий хабига айланмоқда. Мамлакатдаги лаборатория Бирлашган Араб амирликлари Халқаро марказида аккредитацияланди ва эндиликда турли ҳалол товарларни сертификатлаши мумкин. Эндиликда Осиё, Евроосиё Иқтисодий иттифоқи, МДҲ давлатлари ўз маҳсулотлари ислом стандартларига тўғри келишини далилловчи ҳужжат олиши, сўнгра Форс кўрфази мамлакатларига экспорт  қилиши мумкин.  Савдо ва интеграция вазири Бахит Султанов Facebook саҳифасида таъкидлашича, “Қазстандарт” лабораторияси ЕОИИ ва Марказий Осиёда халқаро талабларга мувофиқ аккредитациядан ўтган ягона ташкилот. Натижада, Қозоғистон маҳсулотларини Туркия, Эрон ва бошқа қатор минтақаларга экспорт қилиш имконияти туғилди. Таъкидлаш зарурки, 2025 йилга бориб Қозоғистон нохомашё экспорти ҳажмини 41 миллиард долларга етказишни режалаштирган.